ЗИЁ ИСТАГАН ҚАЛБЛАР УЧУН! «Келажак овози». 15.01.2009

Foydali sayt

WWW.ZIYOUZ.COM: ЗИЁ ИСТАГАН ҚАЛБЛАР УЧУН!

Илмнинг аввали сукут, сўнг эшитиш, сўнг ёд олиш, сўнг амал қилиш, сўнг уни тарқатишдир.

Имом ҒАЗЗОЛИЙ

www.ziyouz.com веб-сайти мактаб, лицей, коллеж ҳамда олий ўқув юртларида таълим олаётган, шунингдек билимга чанқоқ ёшлар учун география, тарих, адабиёт, фалсафа сингари ижтимоий фанлардан фойдали маълумотлар тўпламини тақдим этади. Веб-сайтдан ўрин олган маълумотлар махсус бўлимлар ва рукнлар бўйича жойлаштирилган.

WWW.ZIYOUZ.COM ВЕБ-САЙТИНИНГ АСОСИЙ БЎЛИМЛАРИ:

1. “Асосий” – мамлакатимиз ва жаҳон миқёсида содир бўлаётган энг сўнгги янгиликлар, сиёсий, ҳуқуқий шарҳлар, ижтимоий ҳаётга оид таҳлилий, танқидий, муаммоли, мулоҳазали мақолалар, илм-фан оламидаги янгиликлар ўрин олган бўлим.

2. “Маънавият” – оила ва жамият ҳаётига доир, турмуш, маиший ҳаёт мавзуларидаги маънавий-маърифий аҳамиятга эга маълумотлар, дидактик материаллар, фойдали маслаҳатлар, шунингдек, ўзбек халқ оғзаки ижоди намуналари билан танишиш имконини берувчи бўлим. Мазкур бўлимдаги “Тафаккур гулшани” рукни орқали эса жаҳоннинг энг сара 100 файласуфи, хусусан, Суқрот, Афлотун, Эзоп, Демокрит, Арасту, Гераклит сингари донишманд алломаларнинг ибратли ҳикматлари ҳам бериб борилади.

3. “Адабиёт” – www.ziyouz.com сайтининг энг асосий бўлимларидан биридир. Бу бўлимда фойдаланувчига ўзбек ва жаҳон адабиётига доир маълумотлар жамланмаси тақдим этилади. Бўлимда “Тазкира”, “Кутубхона”, “Шеърият”, “Жаҳон адабиёти”, “Ўзбек адабиёти” сингари рукнлар мавжуд. “Кутубхона” рукнида бадиий адабиётга қизиқувчи барча китобсевар мухлислар учун улкан электрон кутубхона жойлаштирилган. Электрон кутубхонада ўзбек адабиётининг барча даврларига оид насрий ва шеърий китоблар, ёзувчи ва шоирлар ҳаётига доир назарий маълумотлар ўрин олган. Шунингдек, бу рукнда фойдаланувчилар жаҳон халқлари адабиёти ва шеърияти, машҳур адибларнинг энг қизиқ ва сара асарлари билан ҳам танишишлари мумкин.

4. “Маданият” – мазкур саҳифада кино, театр, мусиқа, умуман санъат оламидаги энг сўнгги ва энг қизиқарли маълумотлар, шунингдек, спортга оид янгиликлар мавжуд. Мухлислар “Дам олиш” саҳифасида ажойиботлар, дунё рекордлари, машҳур кишилар ҳаёти ва ажабтовур рейтинглар, ҳажвиялар, топишмоқлар билан танишишлари мумкин.

5. “Таҳририят” бўлимида жойлашган “Сайтлар” рукни орқали фойдаланувчилар учун ўзбек, турк, инглиз тилидаги фойдали сайтлар рўйхати берилган. Фойдаланувчи бу рўйхатдаги ҳар бир сайтга кириш имконига эга. www.ziyouz.com веб-сайтининг энг асосий хусусиятларидан бири шундаки, унда айни пайтда мамлакатимиз нашриётларида чоп этилаётган энг янги китобларнинг электрон варианти ҳам бериб борилади. Шунингдек, веб-сайтдан қомусий илмлар, энциклопедиялар, изоҳли луғатлар ҳам ўрин олган.

WWW.ZIYOUZ.COM ВЕБ-САЙТИНИНГ ЎЗИГА ХОС ЛОЙИҲАЛАРИ:

1. islom.ziyou.com лойиҳасидан ислом дини ҳақидаги барча маълумотлар, дин ва шариат, ислом амаллари, ислом асослари, ислом тарихи, шунингдек, Қуръони Карим ҳамда бошқа диний китобларнинг электрон вариантлари ўрин олган.

2. kross.ziyouz.com лойиҳаси биринчи ўзбекча бошқотирмалар сайти ҳисобланади. Мазкур бўлимда билимдон ёшларнинг ақлини чархлашга қаратилган турли мавзудаги кроссвордлар, сканвордлар, бошқотирмалар, тестлар берилган.

3. photo.ziyouz.com лойиҳасидан мавзулар бўиича тақсимланган фотосуратлар тўплами ўрин олган.

4. forum.ziyouz.com – ҳақиқий ўзбекона форум. Мазкур бўлим орқали сиз ўзингизни қизиқтирган барча мавзулар бўйича фикр алмашиш имкониятига эга бўласиз.

5. cards.ziyouz.comга ташриф буюриб, исталган турдаги мини-кардларни ўз танишларингизга юборишингиз мумкин.

www.ziyouz.com веб-сайти uz доменидаги энг оммавий сайтлардан бири ҳисобланади. Айни пайтда мазкур интернет нашри 2 248 333 та фойдаланувчи билан www.uz рейтингида юқори ўринлардан бирини банд этган.

Дилмурод УСМОНОВ

Замира АБДУЛЛАЕВА

«Келажак овози» газетаси, 15.01.2009

[singlepic id=67 w=500 h=500 float=center]

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *